Кубада Зика вирусининг бошқа мамлакатлардан кириб келиши билан боғлиқ тўққизинчи ҳолат қайд этилди. Бу ҳақда, мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига таяниб, «ТАСС» хабар берди.
Вирус Венесуэлада яшовчи Гавана провинцияси фуқаросида аниқланган. Бемор 4 апрель куни Венесуэла ҳудудида илк бор ҳолсизликни ҳис қилган. Кейинги кунларда касалликнинг енгил аломатлари кузатилган. 8 апрель куни у Кубага етиб келиб, Пьер Кюри номидаги Тропик тиббиёт институтига мурожаат қилган. 12 апрель куни эркакнинг таҳлил натижаларида Зика вирусининг мавжудлиги аниқланган.
Бу Зика безгагининг мамлакатга Венесуэладан кириб келиши билан боғлиқ еттинчи ҳолатдир. Яна икки нафар вирус ташувчиси Кубага Бразилиядан келганди.
Изоҳ (0)