АҚШнинг Нью-Йорк штатидаги Лонг-Айленд оролида бир моторли кичик самолётнинг қулаши оқибатида унинг бортида бўлган икки киши — учувчи ва йўловчи жароҳат олди. Бу ҳақда CBS New York хабар бермоқда.
Айтилишича, самолёт штатнинг шимолий қисмига парвозни амалга ошираётганди. Аммо у аэропортдан чиқиши билан тез орада аҳоли яшайдиган туман ҳудудига қулаган.
Ўт ўчириш хизмати вакиллари учувчи — 34 ёшли Скотт Клиффордни ва йўловчини ёнаётган самолёт ичидан чиқариб олган. Икки оёғи синган ва боши қаттиқ лат еган Клиффорд оғир аҳволда шифохонага ётқизилган.
Йўловчи — 65 ёшли Майкл Роумнинг аҳволи анча яхши бўлиб, у жиддий жароҳат олмаган.