АҚШ президентлигига Республикачилар партиясидан номзод миллиардер Дональд Трамп АҚШ НАТОдан чиқиши лозим деб ҳисобламаслигини маълум қилди. Бу ҳақда Washington Post нашри маълумотига таяниб, «Интерфакс» хабар беради.
«Мен НАТОдан чиқаман демадим (президентликка сайланган тақдирда). Мен биринчи навбатда НАТО эскирган дедим», — деди у нашрга берган интервьюсида.
Аввалроқ президентликка номзод Шимолий Атлантика иттифоқини танқид қилган эди.
«Ҳозирда энг катта таҳдид бу ИШИД террорчилик ташкилоти ҳисобланади, шундай эмасми? НАТО эса террорчиликка қарши курашиш учун мўлжалланмаган. Ташкилот асосан Совет Иттифоқига қарши туриш учун шакллантирилган. Ҳозир эса Совет Иттифоқи йўқ», — деб таъкидлади Трамп.
Олдинроқ Дональд Трамп Висконсин штатидаги сайловчилар билан учрашуви чоғида АҚШнинг НАТОдаги иттифоқдошларини ташкилот фаолиятига адолатли ҳисса қўшмасликда айблаган эди.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.
Изоҳ (0)