Hatton Promotions промоутерлик компанияси профессионал бокснинг супероғир вазн тоифасида Жаҳон бокс ассоциацияси (WBA)нинг мунтазам чемпиони Лукас Брауннинг допинг можароси борасидаги расмий баёнотини эълон қилди. Бу ҳақда «Оламспорт» хабар бермоқда.
5 март куни супероғир вазн тоифасида чемпионлик камарини ўзбекистонлик боксчи Руслан Чагаевдан тортиб олган австралиялик чарм қўлқоп устаси допинг истеъмол қилганликда айбланганди.
«Барчани ишонтириб шуни айта оламанки, мен тақиқланган моддалар истеъмолига қаршиман ва ҳеч қачон бундай пасткашликка йўл қўймайман. Шу ўринда бир нарсани айтишим керак, мен ва жамоам Чеченистон ҳудудида жанг ўтказиш катта таваккал эканини олдиндан билган эдик. Лекин воқеалар ривожи бу даражада ўзгариб кетишини хаёлимга ҳам келтирмагандим.
Шунингдек, айнан менинг жамоам допинг масаласига жиддий эътибор қаратган ва ихтиёрий допинг назоратидан ўтиш ассоциацияси, яъни VADA хизматига мурожаат қилганди. Ҳозирча шу гапларни айтиш билан чегараланаман. Тез орада барча масалага ойдинлик киритилади», — дейилади Брауннинг баёнотида.
Эслатиб ўтамиз, австралиялик 36 ёшли боксчидан олинган допинг таҳлилида кленбутерол моддаси борлиги аниқланган эди. Бу эса Халқаро антодопинг агентлиги (WADA) томонидан тақиқланган моддалар қаторига киритилган.
Изоҳ (0)