Самвел Бабаян бош мураббийлигидаги футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси ЖЧ–2018 иккинчи саралаш босқичи сўнгги икки ўйинидан олдин йиғинга киришди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон футбол федерацияси матбуот хизмати.
Айни дамда терма жамоа йиғинига чақирилган футболчилар Тошкентга етиб келди. Фақатгина, Россия чемпионатида тўп сураётган Одил Аҳмедов («Краснодар») ва Виталий Денисов («Локомотив»), шунингдек, Қатарнинг «Ал-Жаиш» сафида Осиё Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичи 3-турида Қаршининг «Насаф» клубига қарши майдонга тушиб, жамоасига ғалаба келтирган Сардор Рашидов йиғинга кейинроқ келиб қўшилади.
Миллий терма жамоа бош мураббийи Самвел Бабаян мазкур йиғинда иштирок этадиган футболчиларнинг кенгайтирилган таркибини аввалроқ эълон қилган эди.
Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Жаҳон чемпионати–2018 иккинчи саралаш босқичи доирасидаги сўнгги икки ўйини Тошкентдаги «Бунёдкор» стадионида ўтказилади. Ўзбекистон миллий терма жамоасининг 24 март куни Филиппинга қарши ҳамда 29 март куни Баҳрайнга қарши бўладиган ўйинлари 18:00 да старт олади.
Эслатиб ўтамиз, сўнгги икки ўйин олдидан Ўзбекистон терма жамоаси олти учрашув ўтказиб, 15 очко тўплаган ҳолда «H» гуруҳида иккинчи ўринни эгаллаб турибди. Гуруҳда ҳозирча 7 учрашувда 16 очко жамғарган КХДР терма жамоаси пешқадамлик қилмоқда.
Изоҳ (0)