Эроннинг «Фулад Сепаҳон» футбол клубига қарши ўйинда Тошкентнинг «Локомотив» жамоасига, у кучли бўлгани учун, омад кулиб боқди. Бу ҳақда «Локомотив» мураббийи Андрей Микляев «Фулад Сепаҳон» — «Локомотив» (0:2) учрашувидан кейинги матбуот анжуманида айтиб ўтди, дея хабар бермоқда «Локомотив» матбуот хизматининг Telegram’даги канали.
Эслатиб ўтамиз, 15 март, сешанба куни «Локомотив» Осиё Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичи 3-тури доирасида Эронда «Фулад Сепаҳон» меҳмони бўлди. Ўйин 2:0 ҳисобида Тошкент клуби ғалабаси билан якунига етди.
«Бугун омадимиз келди, омад эса кучлиларга кулиб боқади. Эронга 3 очко учун келгандик ва уни қўлга киритдик. Барча кўрсатмаларимизни яхши бажарганликлари учун футболчиларга миннатдорчилик билдираман», — дейди жамоа мураббийи.
«Ноқулай об-ҳаво шароити устун томонларимизни намойиш этишга халал берди. Ўйин вақтидаги кучли шамол ва ёмғир ҳар икки клуб ўйинига таъсир ўтказди. Кучли жамоалар ҳар қандай об-ҳаво шароитида ҳам ўзини йўқотиб қўймаслиги керак», — дейди «Локомотив» вакили.
Маълумот учун, «Фулад Сепаҳон» устидан қозонилган ғалабадан сўнг, «Локомотив» очколари сонини бештага етказиб, «А» гуруҳида 2-ўринда бормоқда. Жамоа гуруҳ босқичи 4-тур учрашуни 6 апрель куни Тошкентда «Фулад Сепаҳон»га қарши ўтказади.
Изоҳ (0)