Москвадаги президент маъмурияти биноси олдида Чеченистон ва Ингушетия чегарасида журналистларнинг калтакланишига қарши норозилигини ифодалаш мақсадида уларнинг ҳамкасблари якка тартибда пикетга чиқмоқда. Бу ҳақда «РБК» хабар берди.
«Медиазона» нашри асосчиларидан бири Пётр Верзиловнинг Twitter орқали хабар қилишича, пикет чоғида президент маъмурияти биносидан тан олинмаган «ДХР» вакили Денис Пушилин чиқиб келган. У акцияда иштирок этиш борасидаги таклифни рад қилган.
Эслатиб ўтамиз, 9 март куни «Қийноқларнинг олдини олиш қўмитаси» томонидан уюштирилган пресс-тур доирасида Ингушетия ва Чеченистонга борган қўмита ходимлари, норвегиялик ва швециялик журналистлар, The New Times ҳамда «Медиазона» мухбирлари, жами 8 кишидан иборат гуруҳ икки республика чегарасида калтакланди, улар тушган микроавтобус эса ёқиб юборилди. Мазкур ҳодиса бўйича жиноий иш қўзғатилди.
Кейинчалик қуролли шахслар қўмитанинг Ингушетиядаги Қорабулоқ шаҳрида жойлашган штаб-квартирасига ҳужум уюштиргани маълум бўлди.
Изоҳ (0)