АҚШ маъмурияти Исроилдаги теракт натижасида америкалик фуқаронинг ҳалок бўлганлигини тасдиқлади. АҚШ Давлат департаменти матбуот хизмати раҳбари Жон Кирбининг 8 март куни маълум қилишича, терактда ўлдирилган одамнинг исми Тейор Аллен Форс бўлган. Бу ҳақда «ТАСС» хабар беради.
Дипломат ҳалок бўлган одам ҳақида бошқа маълумотларни келтирмасдан, ҳужум оқибатида яна кўплаб бошқа одамлар ҳам жабрланганлигини таъкидлаб ўтган.
«Биз Яффа, Петах-Тиква ва Қуддусдаги террорчилик ҳужумларини қатъий қоралаймиз. Террорчиликни сира оқлаб бўлмайди», — деб таъкидлади Кирби.
Аввалроқ 8 март куни Исроил полицияси Яффада фаластинлик томонидан совуқ қурол ёрдамида уюштирилган терактда америкалик сайёҳ ўлдирилганлигини маълум қилган эди. Ҳужум оқибатида яна ўн киши яраланган. Террорчи полициячилар томонидан отиб ўлдирилган.
Бундан ташқари, Қуддус ва Петах-Тиква шаҳарларида 3 нафар исроиллик фаластинликлар томонидан яраланган.
Изоҳ (0)