Франция президенти Франсуа Олланд ва Буюк Британия бош вазири Дэвид Кэмерон Россия ҳамда Сурия расмийларини мамлакатдаги мўътадил мухолифатга қарши ҳужумларни тўхтатишга чақирди. Бу ҳақда Амьен (Франция шимоли)да бўлиб ўтган икки давлат саммитининг якуний коммюникесида маълум қилинган, дея хабар беради «ТАСС».
«Франция ва Буюк Британия Россия ҳамда Сурия расмийларидан мўътадил мухолифатга қарши ҳужумларни зудлик билан тўхтатишни талаб қилади. Минтақада тинчлик ўрнатишга қаратилган саъй-ҳаракатларни барбод этувчи ва қочоқлар билан боғлиқ буҳронни янада кескинлаштирувчи зўравонлик ҳолатларига чек қўйишга чақирамиз», — дейилади мазкур ҳужжатда.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Сурия мухолифати расмий Дамашқни ўт очишни тўхтатиш тартибини бузишда айблагани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)