Кеча, 2 март куни Осиё Чемпионлар Лигаси «D» гуруҳи 2-турида Қаршининг «Насаф» жамоаси ўз майдонида Саудия Арабистонининг «Ал-Аҳли» клуби билан баҳс олиб бориб, 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Учрашувдан сўнг ташкил этилган матбуот анжуманида «Насаф» устози Рўзиқул Бердиев иштирок этди, деб хабар беради «Championat.asia».
- Ғалаба билан барча мухлисларни табриклайман. «Ал-Аҳли»ни ўрганганимиз ўз самарасини берди. Айниқса, ҳисоб қисқарганидан кейинги вазиятлар ҳақида ҳам алоҳида гапириб ўтиш мумкин, — дейди Рўзиқул Бердиев.
- Балки биз ҳам айёрликни ўрганармиз, ҳадеб арабларни ўйинини томоша қилмасдан?
- Атайин ўргатмаймиз. Лекин айрим футболчилар шундай вазиятларда қандай йўл тутишни билади.
- Эркин Бойдуллаевнинг қизил карточкасига берилган апелляциянинг жавоби қандай бўлди?
- Буни ОФК бир ой давомида кўриб чиқар экан. Шунинг учун бугунги вазиятда унинг хизматидан фойдалана олмадик.
- Кўриндики, рақиб ҳимоясида муаммолар етарлича бўлди. Нима учундир, биринчи бўлимда ярим ҳимоячилар жуда ҳам яхши вазиятда турган ҳужумчиларга тўғри пас бера олмади...
- «Ал-Аҳли» ҳимоясининг бўшлигини биз ҳам билардик. Менимча, кучли ҳаяжон ва босим туфайли ҳужум ҳамда ярим ҳимоя ўртасида боғлиқлик бўлмади. Иккинчи бўлимда эса бу муаммони ечгандек бўлдик.
- Дилшод Раҳматуллаевда сариқ карточка бўлишига қарамай, иккинчи бўлим ўрталарида рақиб футболчиси билан айтишди. Ҳакамнинг оғзаки огоҳлантиришига қарамай тинчишни истамади. Бу жамоага қимматга тушиши мумкин эди...
- Тўппа–тўғри. Айнан шу вазият бошланганида Артурни чақириб Дилшодни ҳовуридан тушириши лозимлигини айтмоқчи бўлган эдим, аммо мухлисларга тўла стадионда бунинг уддасидан чиқа олмадик. У билан мазкур вазият ҳақида гаплашамиз. Сабаби кейинги ўйинларда бундай муаммолар бўлиши керак эмас.
Изоҳ (0)