УЕФАдагилар хавфсизликка таҳдид юзага келадиган бўлса, Франциядаги Европа чемпионати—2016 матчлари томошабинларсиз ўтказилиши ёки бошқа вақт ва ҳатто мамлакатнинг бошқа ҳудудларига кўчирилиши мумкинлигини тасдиқлади, деб ёзади «Чемпионат». Бундай чоралар турнир ташкилий қўмитасининг аксилтеррорчилик режасида кўзда тутилган.
2 март куни Франция футбол бўйича 2016 йилги Европа чемпионатининг финал қисми бошланишига қадар 100 кунлик тескари саноқни бошлади. Шу муносабат билан турнир директори Мартин Каллен ташкилотчилар ўйинларни бўш трибуналар билан ўтказиш эҳтимолини кўриб чиқаётганини айтди.
«Биз барча иштирокчилар (мухлислар, футболчилар ва ҳоказо)нинг хавфсизлигини биринчи ўринга қўямиз. Шу билан бирга, ишлаб чиқилган хавфсизлик чоралари хавфсиз ва байрамона Европа чемпионатини ўтказиш учун етарли бўлишига ишончимиз комил», — дейилади УЕФА хабарида.