2014 йилнинг ўзида Google Голландия ва Ирландиядаги компанияларидан фойдаланиб, 10,7 миллиард долларни солиқ тўлашдан яширган. Бу ҳақда Google Netherlands Holdings BV ҳисоботига таяниб, Reuters маълум қилди, дея хабар беради «РБК».
Ҳисоботдан маълум бўлишича, Google Netherlands’нинг 2014 йилдаги тушуми асосан корпорациянинг Ирландиядаги бўлинмаси (Google АҚШдан ташқарида топадиган даромадларнинг катта қисми шу ерда тўпланади) лицензион тўловлари ҳисобига шакллантирилган бўлиб, деярли тўлиқ равишда Ирландияда рўйхатда ўтган, бироқ Бермуд оролларида жойлашган Google Ireland Holdings компаниясига йўналтирилган.
Натижада Google АҚШнинг корпорациялар фойда солиғидан (Бермудларда бундай солиқ олинмайди) ҳам, Европадаги даромад солиқларидан ҳам қочишга муваффақ бўлган. Таркибида умуман ходим бўлмаган Google Netherlands эса Голландия ғазнасига атиги 2,8 миллион евро тўлаган, холос.
Солиқ схемаларининг қўлланиши туфайли Google’нинг АҚШ ташқарисидаги даромадларидан 6 фоиз солиқ олинган, бу эса ўртача солиқ даражасидан тахминан тўрт баробар кам.
Изоҳ (0)