Бир гуруҳ Тошкент фуқаролари 8 февраль, душанба куни Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасига мактуб топширди, унда шаҳар кўчаларидаги дарахтлар кесилаётгани юзасидан хавотир билдирилган, деб ёзади «Газета.uz».
Ундан аввалги икки кун давомида мурожаатни 46 киши имзолади. Мурожаат ташаббускорлари фикрича, имзо қўйган кишилар сони аҳамиятга эга эмас: «Она шаҳрининг ташқи қиёфасини ҳам, экологик аҳволини ҳам қадрлайдиган кишилар борлиги муҳимроқ. Ва бу одамлар ўз фикрини билдиради».
«Тошкент аҳолисини Ўзбекистон пойтахти ва бошқа шаҳарларида дарахтлар кесилаётгани ғоят ташвишлантирмоқда. Дарахт кесувчилар қўлидан аввало чинорлар жабр кўрмоқда», — дейилади мурожаатда.
«Шаҳарлар кўчалари яланғоч бўлиб қолди, жазирама кунларда кишилар офтоб тиғи остида юради. Дарахтлар Фарғона, Андижон, Наманган, Самарқанд ва бошқа шаҳарларда кесилди. Амалдорларнинг чинор зарарли дарахт эканлиги ҳақидаги гаплари танқидга арзимайди. Бу дарахт энг қимматли экин деб тан олинган, дунёнинг кўплаб мамлакатларида уни ўстиришади ва авайлаб-асрашади», — дея таъкидланади матнда.
Муаллифларни Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил октябридаги қарорига риоя қилинмаётгани, хусусан, масъул органлар сайтларида дарахтларни кесиш бўйича рухсатнома йўқлиги хавотирга солди. Улар қимматли ёғочга мебель ишлаб чиқарувчилар қизиқиш билдираётган бўлиши мумкинлигидан ташвишда. Улар ўсимликлар ҳимояси хизматини қайта тиклашга чақирди.
Нашр эслатишича, аввалроқ Change.org сайтида Атроф-муҳит муҳофазаси давлат қўмитаси, Ўзбекистон Экологик ҳаракати ва Тошкент ҳокимиятига йўналтирилган, чинорларни кесишни тўхтатиш сўралган петиция жойланган эди, уни 3600 киши имзолаган эди.
Изоҳ (0)