Россия 2013 йилнинг мартида Швецияга ядровий зарба бериш бўйича ҳарбий ўқув машғулотларини ўтказган. Бу ҳақда НАТО бош котиби Йенс Столтенбергнинг ҳисоботида маълум қилинган, деб хабар беради Meduza.
Ҳисобот 28 январь куни чоп этилган эди, бироқ унинг Россиянинг ўқув машғулотлари ҳақидаги қисмига шу пайтгача журналистлар эътибор бермаган.
Столтенбергнинг маълум қилишича, охирги уч йил давомида Россия 18 дан кам бўлмаган йирик ҳарбий ўқув машғулотини ўтказиб, унда 100 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчи иштирок этган. НАТОнинг маълумотларига қараганда, машғулотлар давомида альянсга аъзо мамлакатлар ва унинг ҳамкорларига нисбатан ядро зарбалари машқ қилинган.
Швеция НАТОнинг аъзоси ҳисобланмайди, бироқ у «Тинчлик учун ҳамкорлик» дастурида иштирок этади. Аввалроқ швед ОАВлари 2013 йилнинг 29 мартида Швеция ҳудуди яқинида Россиянинг узоқ масофага учувчи Ту-22М3 бомбардимончи самолётлари тўртта қирувчи самолётнинг ҳамроҳлигида кўзга тушганлигини маълум қилган эди. Швеция ҳарбий-ҳаво кучлари ушбу маълумотни тасдиқлаб, Россия самолётлари халқаро ҳаво ҳудудидан чиқмаганлигини маълум қилган.
Изоҳ (0)