АҚШ президенти Барак Обама маъмурияти 2017 йилда Европадаги ҳарбий иштирокни кучайтириш учун 3,4 миллиард доллар сўради, деб ёзади Meduza. Бу сумма 2016 йилда ушбу мақсадлар учун ажратилган маблағлардан уч марта кўпроқдир.
Маблағни Марказий ва Шарқий Европага жойлаштириладиган оғир қурол-аслаҳа ва бронетехникага сарфлаш режалаштирилмоқда. Қурол-яроғдан америкалик ҳарбийлар ҳам, уларнинг НАТО бўйича иттифоқдошлари ҳам фойдаланади.
The New York Times газетасининг АҚШ президенти маъмуриятидаги манбалари маълум қилишича, Европага қўшимча оғир қуролларнинг жойлаштирилиши «Россия президенти Владимир Путинга сигнал юбориши» ва Ғарб унинг минтақадаги ҳаракатларини диққат билан кузатаётганини кўрсатиши керак.
Аввалроқ Обама маъмурияти 2017 йил учун мудофаа бюджети лойиҳасида ИШИДга қарши кураш кампаниясини молиялаштиришни анча кенгайтиришга эришмоқчилиги хабар берилган эди.
Изоҳ (0)