2015 йилда Toyota Corolla’нинг дунё бозорларидаги сотуви, моделнинг барча модификацияларини ҳисобга олганда, 1 миллион 339 минг 24 донани ташкил этиб, 2014 йилга нисбатан 4,7 фоизга ошган. Шу тариқа мазкур автомобиль жаҳонда энг кўп харид қилинган моделлар рейтингида биринчиликни эгаллаган. Бу ҳақда Focus2Move компанияси ҳисоботига таяниб, Motor хабар бермоқда.
Рейтингнинг 2-ўрнида Volkswagen Golf қайд этилган — 1 041 229 та автомобиль (8,4 фоиз ўсиш). Таъкидлаш жоизки, моделлар орасида автомобиль сотиш бўйича 1 миллион чегарасидан ўтиш фақат Corolla ва Golf’га насиб этган, холос.
Шунингдек, рўйхатнинг кучли ўнлигига Ford F-Series (920 172), Ford Focus (826 221), Toyota Camry (754 154), Hyundai Elantra (746 924), Volkswagen Polo (692 182), Honda CR-V (696 594), Chevrolet Silverado (669 683) ва Toyota RAV4 (664 382) моделлари ҳам кирган.
Ушбу рўйхатдаги энг ёмон динамика Ford Focus’да кузатилган: модель 2014 йили иккинчи ўринни (пешқадамлик ўшанда ҳам Corolla’га насиб этганди) банд этган бўлса, ўтган йил якунлари бўйича тўртинчи ўринга тушиб қолди. Мазкур модель сотуви салкам 20 фоизга пасайди. Ўнликдаги энг катта ўсишни (12,9%) эса Chevrolet Silverado намойиш этган.
Изоҳ (0)