2016 йилнинг 21—25 январь кунлари Бельгиянинг Антверпен шаҳрида сузиш бўйича халқаро турнир ўтказилди. Ушбу нуфузли мусобақада Ўзбекистон терма жамоа аъзолари 3 та олтин, 1 та кумуш ва 2 та бронза медалини қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида Буюк Британия, Литва, Португалия ва Бельгия давлатларидан сўнг 5-ўринни эгаллади. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар бермоқда.
Ўзбекистон терма жамоаси ҳисобига олтин медалларни Владислав Мустафин 50 ва 100 метр масофаларга брасс усулида сузиш мусобақаларида, Раънохон Аманова эса 200 метрга комплекс усулда сузиш баҳсларида келтирди.
Раънохон Аманова, шунингдек, 400 метр масофага комплекс усулда сузиш мусобақасида кумуш медаль совриндори бўлди.
Терма жамоанинг яна бир тажрибали спортчиси Алексей Дерлюгов ҳам бир йўла икки йўналишда бронза медали совриндори бўлди. У 200 ва 400 метрга комплекс усулда сузиш мусобақаларида 3-ўринни олди.
Изоҳ (0)