Интерпол Украинанинг собиқ президенти Януковични қидиришга тааллуқли бўлган маълумотни вақтинчалик чеклаб қўйди. Бу ҳақда Украина миллий полициясининг сайтида берилган маълумотларга асосан «РБК» хабар қилмоқда.
Маълум қилинишича, Янукович ва унинг адвокатлари Франциянинг Лион шаҳар суди ва Интерполнинг ҳужжатларни назорат қилиш комиссиясига шикоят келтирган. Натижада Интерпол Бош котибияти комиссияси Януковични қидиришга тааллуқли бўлган маълумотларни шикоят кўриб чиқилгунга қадар чеклашга қарор қилди.
Януковичга тегишли бўлган маълумотларни юритиб келган Интерпол сайтидаги шахсий саҳифа бутунлай ёпилмаган. Лекин қидирувдаги шахс ва унга тегишли маълумотлар беркитилган ва Януковичнинг фотосурати олиб ташланган.
Янукович 2015 йилнинг январь ойидан буён расмий равишда халқаро қидирувга берилган. Собиқ президент уюшган гуруҳ иштирокида ўзганинг мол-мулкини ўзлаштирганликда ва жуда кўп миқдорда камомадга йўл қўйганликда айбланмоқда.
Изоҳ (0)