Россиянинг Приморье ўлкасидаги сафари боғида ўрнатилган видеокамералар йўлбарс Амур ва эчки Тимур ўртасида содир бўлган «можаро»ни тасвирга олди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар қилмоқда.
Маълум қилинишича, эчки Тимур йўлбарсга жуда яқин келиб унга ташланиб кўрмоқчи бўлганда, йўлбарс Амур ўйинга берилиб кетган дўстига тарсаки туширди.
Тарсаки эчкининг ҳаётига хавфли бўлмаса-да, ғайриодатий жуфтлик мухлислари ҳайвонлар ўртасида келишмовчилик пайдо бўлганлигидан хавотирга туша бошлади.
Айрим фойдаланувчилар Тимурнинг анча жасоратли бўлиб кетиб, йўлбарсга жуда яқин келаётганлигини қайд этган.
Бошқа мухлислар эса, эчки Тимурнинг хатти-ҳаракатлари жуда хавфли бўлиб кетганлигини маълум қилган.
Ҳодиса ҳайвонлар ўртасидаги оддий ўйинни намойиш этиб, тарсаки тарбиявий мақсадда берилганлиги ҳақидаги тахминлар ҳам бор.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ йўлбарс Амур ва эчки Тимур дарахтларга тирмашаётгани тасвирланган ролик намойиш қилинган эди.
Изоҳ (0)