Футбол бўйича Ўзбекистон олимпия терма жамоаси Қатарда давом этаётган U-23 Осиё чемпионатини мағлубият билан бошлади. «Дарё» мазкур учрашувдан матнли онлайн-трансляция уюштирди.
Мусобақа гуруҳ босқичи 1-турида Жанубий Кореяга қарши тўп сурган Ўзбекистон олимпиячилари 1:2 ҳисобида мағлуб бўлди. Терма жамоанинг ягона голи Осиёнинг 2015 йилдаги энг яхши ёш ўйинчиси Достонбек Ҳамдамов ҳисобига ёзилди.
Учрашув иккинчи бўлимида терма жамоа етакчиларидан бири, ярим ҳимоячи Жамшид Болтабоев қизил карточка билан жазоланди ва майдондан четлатилди. У Ироқ терма жамоасига қарши кечадиган навбатдаги учрашувни ўтказиб юборади.
Маълумот учун, Ироқ терма жамоаси ҳам мусобақадаги дастлабки учрашувини 13 январь куни ўтказди ва Яманни 2:0 ҳисобида мағлуб этди. Айни вақтда Ироқ тўплар нисбатига кўра «С» гуруҳида пешқадам бўлиб турибди.
Гуруҳдаги навбатдаги тур учрашувлари 16 январь куни бўлиб ўтади. Шу куни Жанубий Корея Яманга қарши майдонга тушса, Ўзбекистон Ироқ билан ҳисоб-китоб қилади. Ўзбекистон иштирокидаги ўйин Тошкент вақти билан 21:30 да бошланади.
U-23 Осиё чемпионатида дастлабки учта ўринни эгаллаган жамоалар (икки финалчи ва 3-ўрин соҳиби) 2016 йил ёзида Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинлари футбол мусобақаси йўлланмасини қўлга киритади. Ўзбекистон олимпия термаси ҳеч қачон Олимпиадада иштирок этмаган.
U-23 Осиё чемпионати«C» гуруҳи, 1-тур учрашуви13 январь, чоршанба
ЖАНУБИЙ КОРЕЯ — ЎЗБЕКИСТОН 2:1 (1:0)Голлар: Мун Чанг Жин (20, пенальти, 48) — Достонбек Ҳамдамов (56).Четлатиш: Жамшид Болтабоев (72).
Изоҳ (0)