Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида старт олган U-23 ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионати «C» гуруҳи вакиллари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Ўзбекистон олимпия терма жамоаси бош мураббийи Самвел Бабаян Жанубий Кореяга қарши илк ўйиндан олдин турнирдаги барча жамоалар, жумладан Ўзбекистон U-23 терма жамоаси ҳам олий мақсад – Олимпиада йўлланмасини қўлга киритиш учун Қатарга келганини таъкидлади. Бу ҳақда Ўзбекистон футбол федерацияси матбуот хизмати хабар бермоқда.
«Биз Осиё чемпионати финал босқичига йўлланмани қийинчилик билан қўлга киритдик. Аммо, айтишим керак, таркиб деярли 50 фоизга янгиланди. Уларнинг кўпчилиги 20 ёшгача бўлган жаҳон чемпионатида иштирок этди. Биз яхши тайёргарлик кўрдик ва ўз ўйинимизни намойиш эта олсак, мақсадимизга эриша оламиз», — деди Ўзбекистон олимпия терма жамоаси бош мураббийи.
Самвел Бабаян шунингдек, ҳар бир рақибнинг ўйинини терма жамоа мураббийлар штаби етарлича ўрганганини алоҳида таъкидлади.
«Барча рақибларимизнинг ўйин услубларини етарлича ўргандик. Ҳатто, айтишим мумкин уларнинг ўйин фалсафасини ҳам яхшилаб ўргандик. Тактик схемалари борасида ҳам етарли маълумотларга эга бўлдик. Биз энг кучли гуруҳдан ўрин олдик. Аниқ айта оламанки, ушбу гуруҳдан ўрин олган тўрт терма жамоадан бири учта йўлланмадан бирини қўлга киритади. Қолаверса, бундай қисқа муддатли турнирларга алоҳида тайёргарлик кўриш керак. Ҳар бир ўйин муҳим аҳамиятга эга. Шунинг учун, ҳар бир рақибимизга қарши, ҳар бир ўйинга худди финалга тайёргарлик кўргандек тайёргарлик кўрамиз», — деди Самвел Бабаян.
Изоҳ (0)