Қатарда 12 январь, сешанба куни футбол бўйича олимпия терма жамоалари ўртасида (U-23) Осиё чемпионати баҳслари старт олди. Мусобақани Сурия ва Эрон олимпия терма жамоалари иштирокидаги ўйин очиб берди.
Учрашувда эронлик футболчилар 2:0 ҳисобида ғалаба қозониб, мусобақадаги илк уч очкони ўз ҳисобига ёзиб қўйди. Эрон олимпия терма жамоасига ғалаба келтирган голлар Арсалан Мутаҳҳарий ва Милод Муҳаммадий ҳисобига ёзилди.
«Stadion.uz» нашри хабарига кўра, мазкур учрашувда ўзбекистонлик ФИФА рефериси Жаҳонгир Саидов австралиялик бош ҳакамга ёрдамчилик қилган.
Мусобақа «А» гуруҳи 1-тур иккинчи учрашувида мезбон Қатар термаси Хитойга қарши баҳс олиб боради. Ўйин Тошкент вақти билан 21:30 да бошланади.
Ўзбекистон олимпия терма жамоаси мусобақадаги иштирокини 13 январь куни бошлайди. Самвел Бабаян шогирдлари гуруҳ босқичи 1-турида Жанубий Кореяга қарши майдонга тушади. Ўйин Тошкент вақти билан 21:30 да старт олади.
Изоҳ (0)