Ўзбекистоннинг янги таҳрирдаги Йўл ҳаракати қоидалари (ЙҲҚ) «Фото ва видеофиксация» ахборот-кўрсатиш белгиси (5.41) билан тўлдирилди. Бу ҳақда «Газета.uz» хабар бермоқда.
Мазкур белги йўл ҳаракати фото ва видеофиксациянинг махсус техник воситалари ёрдамида қайд этилаётганини билдиради. ЙҲҚга огоҳлантирувчи, устунликни билдирувчи, тақиқловчи, кўрсатма берувчи ва ахборот-кўрсатиш белгилари қатори қўлланиладиган «Фото ва видеофиксация» қўшимча ахборот белгиси (7.19) ҳам қўшилди.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси бошлиғи Холматжон Сайдалиевнинг маълум қилишича, мазкур янгиликнинг жорий этилиши Тошкентда йўл ҳаракати хавфсизлигини бошқаришнинг компьютерлаштирилган тизими ишга туширилгани муносабати билан муҳим аҳамият касб этади. «Биз ҳуқуқбузарликларга қарши йўл ҳаракати қатнашчиларини жазолаш орқали эмас, уларни қоидаларга риоя этишга чақириш, огоҳлантириш услуби билан курашамиз», — дея таъкидлаган Х. Сайдалиев.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси Йўл ҳаракати қоидаларининг 2016 йил 1 мартдан кучга кирадиган янги таҳририни тасдиқлагани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)