Германия канцлери Ангела Меркель Кёльнда Янги йил кечаси аёлларга нисбатан содир этилган оммавий ҳуқуқбузарликлар ҳеч қандай шафқатга лойиқ эмаслигини маълум қилди. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар беради.
«Янги йил кечаси содир бўлган ҳодисани сира қабул қилиб бўлмайди», — деди у Руминия бош вазири Дачиан Чолош билан қўшма матбуот анжуманида.
Канцлер юзага келган вазият муносабати билан бир қатор чоралар қабул қилиши, жумладан, полиция сонини ошириш ва баъзи қонунларни қайтадан кўриб чиқишини маълум қилди.
31 декабрь кечаси Кёльннинг бош вокзали олдида 400—500 га яқин маст киши тўпланиб, оммага пиротехника воситаларини ота бошлаган. Уларнинг сони 1000 кишига етгандан сўнг, полиция вокзал олдидаги майдонни тозалаган. Бунга жавобан эркаклар гуруҳларга бўлиниб, аёлларга ҳужум қила бошлаган. Полицияга аёлларга нисбатан содир этилган жиноятлар юзасидан 121 та ариза тушган.
Полициянинг сўзларига қараганда, гумонланувчилар Шимолий африкалик ёш йигитлар бўлиб, улардан 16 нафарининг шахси аниқланган. Бироқ ҳозирча ҳибсга олинмаган.
Изоҳ (0)