«Реал» президенти Флорентино Перес махсус матбуот анжуманида жамоа бош мураббийи Рафаэль Бенитес истеъфога чиқарилганини эълон қилди. Шу кунгача мадридликларнинг иккинчи жамоасини бошқариб келаётган Зинедин Зидан «қаймоқранглилар» бош мураббийи этиб тайинланди, деб хабар қилади «Чемпионат».
«Клуб раҳбарияти Бенитеснинг истеъфоси бўйича мураккаб қарорни қабул қилди. Зидан янги бош мураббий этиб тайинланди. Ва мен фахр билан айтаманки, унинг учун ‘имконсиз’ сўзи йўқ», — деди Перес.
Бенитес «Реал»ни 2015 йилнинг июнида қабул қилиб олганди. Матбуотда дарҳол мутахассиснинг футболчилар билан келиша олмаётгани ҳақида хабарлар чиқди, аммо клуб бу гап-сўзларни рад этди. Унинг истеъфосига асосий сабаб жиддий рақибларга қарши ўйинлардаги салбий натижалар бўлди: мадридликлар «Севилья», «Барселона» ва «Вильярреал»га имкониятни бой берди, «Атлетико» ва «Валенсия» билан дуранг ўйнади.
Изоҳ (0)