Германиянинг MAN Truck & Bus машинасозлик компанияси Ўзбекистонни ўз маҳсулотларини Марказий Осиё мамлакатлари бозорига етказиб берувчи экспорт хабига айлантиришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Times Kuwait нашрида эълон қилинган мақолада сўз боради, дея хабар бермоқда «Жаҳон» АА.
Хабар беришларича, ҳозирги кунда Ўзбекистон MAN’нинг етакчи 10 бозоридан бири ҳисобланади. 2015 йилда компаниянинг Самарқанддаги заводи 5 мингинчи юк машинасини ишлаб чиқарди, йиллик ишлаб чиқариш ҳажмини эса 3 минг дона автомобилга етказилди.
Компания томонидан Ўзбекистондаги заводда 2015 йилда ишга туширилган икки лойиҳа — икки турдаги автобусларни ишлаб чиқариш ҳамда юк машиналарини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш яқин истиқбол учун ривожланиш нуқталари сифатида кўрилмоқда.
Қайд этишларича, яқин келажакда Ўзбекистон автобус ишлаб чиқариш бўйича етакчилардан бирига айланади. Ҳозирги вақтда Ўзбекистонда янги — MAN Lion’s CNG автобуси синовдан ўтказилмоқда.
Асосий устунлиги паст полли платформани сиқилган табиий газда ҳаракатланиш билан уйғунлаштиришда бўлган мазкур автобус Bus Euro Test танловида «2015 йилнинг энг яхши автобуси» деб тан олинди.
Изоҳ (0)