Google Finance келтирган маълумотларга кўра, Украина девальвация даражаси энг юқори бўлган мамлакатга айланди. Бу ҳақда «Сегодня.ua» хабар бермоқда.
«Девальвация харитаси»га кўра, икки йилдан камроқ вақт ичида (2014 йил 1 январдан 2015 йил 24 августгача) гривна 170 фоизга қадрсизланган. Кейинги ўринда 118 фоизлик девальвация билан Россия рубли қайд этилган.
Ушбу харитада ўзбек сўми АҚШ долларига нисбатан 18 фоизга қадрсизланганини кўриш мумкин. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки валюталар курслари архивига кўра, 2014 йил 1 январда 1 АҚШ доллари 2202,2 сўмни, 2015 йил 24 августда 1 АҚШ доллари 2590,38 сўмни ташкил қилган (қадрсизланиш 17,6 фоиз).
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Марказий банки 2015 йил 29 декабрдан бошлаб хорижий валюталарнинг сўмга нисбатан янги қийматларини белгилади. Унга кўра, 1 АҚШ доллари 2809 сўм 98 тийин этиб белгиланди.
Олдинроқ Ўзбекистон сўми долларга нисбатан қадрсизланиши бўйича МДҲда 11-ўринни эгаллагани хабар қилинганди.
Изоҳ (0)