Польша полицияси банан ортиб кетаётган юк машинадан мамлакат тарихида рекорд миқдордаги кокаинни топди. Бу ҳақда TVN Warszawa телеканали берган маълумотларга асосан «Европейская правда» хабар қилади.
Полиция махсус операцияни 19 декабрь, шанба куни Польша пойтахтидаги кўтара савдо омборхоналаридан бирида ўтказди. Натижада банан ортилган юк машинанинг эгаси бўлган ҳайдовчи қўлга олинди.
«Гап 178 килограмм кокаин контрабандаси ҳақида кетаяпти. Унинг қиймати 150 миллион злотийга (27 миллион евро) баҳоланмоқда. Биз бу каби сифатга эга бўлган кокаин партиясини ҳозирга қадар қўлга олмаган эдик. Унинг 90 фоизи – тоза кокаин», ― деди полиция матбуот котиби Мариуш Мрозек.
Мрозек кокаиннинг қандай қилиб Колумбиядан Бельгия орқали Польшага келиб қолганини айтиб берди ва кокаин юк машинага ортилган бананларнинг орасига яшириб қўйилганлигини маълум қилди. Таъкидланишича, катта миқдордаги гиёҳвандлик воситасини контрабанда қилганлиги учун, 40 ёшли ҳайдовчига нисбатан камида уч йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилиши мумкин.
Польша полициясининг баён қилишича, кокаин Ғарбий Европа давлатлари учун мўлжалланган бўлиб, Польша бозори бу миқдордаги гиёҳвандлик воситасини қабул қилиш учун етарли даражада ривожланмаган. Контрабандачиларнинг йўналишлари чалкаш бўлганлиги сабабли юк машинаси Бельгиядан келган деб таъкидланмоқда.
Изоҳ (0)