Бокс бўйича ўта оғир вазнда WBA йўналишида мунтазам чемпион, ўзбекистонлик Руслан Чагаев чемпионликка расмий номзод, журналистларга «танасини машинага айлантириш жараёниннинг бошлаб юборгани»ни маълум қилган австралиялик Лукас Браунга қарши рингга чиқади. Жанг 2016 йил 5 март куни Чеченистон пойтахти Грознийда бўлиб ўтади. Бу ҳақда «12news.uz» хабар бермоқда.
«Йўлимда нимаики учрамасин, барчасини йўқ қиламан. Жанг рақиб ҳудудида бўлиши мени безовта қилмайди, океан ортида кўп бор рингга чиққанман. Грознийга Чагаевни нокаутга учратгани боришим аниқ. Беллашув тақдирини ҳакамларга топшириб қўйиш ниятим йўқ: рингда мен билан бирга икки ҳакам —чап ва ўнг қўлим бўлади», — дея таъкидлаган ўта оғир вазнда чемпионлик камарига эга илк австралиялик бўлиш ниятини яширмаётган Браун.
Чагаев Браун устидан ғалаба қозонган тақдирда унинг келгуси рақиби Владимир Кличкодан тўртта йўналиш бўйича чемпионликни тортиб олган британиялик Тайсон Фюри бўлиши мумкинлиги айтилмоқда.
Изоҳ (0)