Ливанда Ливиянинг собиқ раҳбари Муаммар Қаддафийнинг ўғли Ганнибал озод қилинди. Полиция шиалар томонидан ўғирлаб, Баалбек шаҳрига олиб кетилган Ганнибални Байрутга олиб келди. Бу ҳақда Meduza хабар бермоқда.
11 декабрь, жума куни «Ал-Жадид» телеканали Ганнибал Қаддафий оятуллоҳ Саййид Мусо Садрнинг тақдири ҳақида билганларни бу ҳақда хабар беришга чақирган видеоёзувни эфирга узатди. Эронлик ва ливанлик диний етакчи бўлган оятуллоҳ 1978- йили, Ливияда Муаммар Қаддафий билан учрашганидан сўнг йўқолганди. Ливия Садр ва унинг ҳамроҳлари мамлакатни тарк этганини билдирган, бироқ Ливанда у Қаддафий буйруғига биноан ўлдирилгани ҳақида тахминлар тарқалган.
2011 йилда Ганнибал, унинг онаси ва синглиси фуқаролар уруши бошланган Ливиядан қочиб, Уммондан бошпана топганди. Унинг қачон Ливанга кўчиб ўтгани номаълум. Маълумотларга кўра, Ганнибал Ливан фуқаросига уйланган.