Японияда «Ватами» ресторанлар тармоғида кўп ишлаб зўриқиб қолгани туфайли ўз жонига қасд қилган Мина Морининг ота-онаси ўз қизининг иш берувчисидан 134 миллион иена (тахминан 1,1 миллион доллар) товон пули олади, дея хабар бермоқда «Корреспондент.net».
Қиз компанияда 2008 йилдан буён фаолият юритган. У тунги сменаларда 10 соатдан ортиқ ишлаган ва график бўйича эрта тонгдан яна ишга чиққан.
Дам олиш кунлари эрталабдан компанияда дарс олиш, ресторан тармоғи раҳбари матнларини ёдлаш ва ҳисобот ёзиш билан шуғулланган. Ўлимидан бир ой аввал кундалигига ҳамма ёғи оғриётгани, кайфияти тушкунлиги ҳақида ёзган.
Дастлаб компания меҳнат шароитлари ва ўз жонига қасд қилиш ўртасидаги боғлиқликни тан олишни истамади, бироқ кейинроқ «Ватами» бошлиғи ишни судгача олиб бормасликка қарор қилди ва муроса битимини тузишга рози бўлди. Унга кўра, «Ватами» қизнинг ота-онасига 1 миллион доллардан зиёд товон пули тўлайди ва ўз ходимларининг меҳнат шароитларини енгиллаштириш учун чоралар кўради.
Изоҳ (0)