Туркия ҳукумати мамлакат ҳарбий-ҳаво кучлари Россия ҳарбий самолётини уриб туширгани ҳақида, буни Россия мудофаа вазирлиги тасдиқлагачгина, хабар топган. Бу ҳақда Туркия президенти Тоййиб Эрдўғон Истанбулдаги халқаро ислом иқтисодий конгрессида маълум қилди, деб ёзади «РИА Новости».
«Самолёт Россия Федерациясига тегишли эканлиги, бу ҳақда Россия ҳукумати эълон қилгачгина, тушунарли бўлди», — деди Эрдўғон.
Унинг айтишича, иккита ҳарбий самолёт Туркия ҳаво ҳудудига бостириб кирган, улардан бири у ерни тарк этган, иккинчиси уриб туширилган. «Уларга ҳарбийларимиз томонидан беш дақиқа давомида ўн марта огоҳлантириш берилган. Самолётлардан бири Туркия ҳудудидан чиқиб кетган. Иккинчиси эса ҳудудимизга бостириб киришда давом этган. Чегарада соқчилик қилаётган F-16 қирувчиларимиз унга қарата ўт очган», — деди Эрдўғон.
Эслатиб ўтамиз, Туркия ҳарбий-ҳаво кучларининг F-16 қирувчиси 24 ноябрь, сешанба куни Россиянинг Су-24 бомбардимончисини уриб туширган эди.
- Воқеа: Туркия уриб туширган Су-24
Изоҳ (0)