Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги аҳолини зилзила ва ерости силкинишлари вақтида қўрқмасликка чақирди. Бу ҳақда, вазирлик вакили Х.Садировга асосланиб, UZ24 хабар бермоқда.
«Зилзилалар ва сейсмик фаоллик кузатилаётган вақтда қўрқмаслик керак. Одатда, бу каби ҳодисалар инсонлар орасида катта қурбонларга сабаб бўлмайди. Йил давомида жаҳон бўйлаб 50 мингга яқин зилзила юз беради, бироқ уларнинг саноқлиларидагина одамлар ҳалок бўлади», — деди вазирлик вакили.
ФВВ вакилининг алоҳида қайд этишича, фуқаролар бино ва иншоотларни қуришда сейсмик жиҳатдан чидамлиликка эътиборни кучайтиришлари керак. «Одамлар зилзиладан эмас, балки биноларнинг вайрон бўлишидан ҳалок бўлади», — деди Х.Садиров.
Вазирлик вакилининг сўзларига кўра, «одамларнинг ўлимига сабаб бўлган зилзила ҳолатларида бино ва иншоотлар белгиланган қурилиш қоидаларига зид равишда режалаштирилган ва қурилган бўлади».
17 ноябрь, сешанба куни оқшомида Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида (Тошкент шаҳрида Рихтер шкаласи бўйича 2,5—3 балли) ерости силкинишлари сезилди. Зилзила эпицентри Қирғизистоннинг Ўш шаҳри яқинида бўлган, магнитудаси 5,7 га тенг бўлган.
Изоҳ (0)