Футбол бўйича Яман миллий терма жамоаси бош мураббийи Амин ас-Сунайний ЖЧ—2018 саралаш баҳслари доирасидаги Ўзбекистонга қарши баҳс оғир кечишини айтиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Футбол Федерацияси матбуот хизмати хабар бермоқда.
17 ноябрь, сешанба куни Ўзбекистон миллий терма жамоаси ЖЧ—2018 саралаш «H» гуруҳи 8-тур учрашувлари доирасида Қатар пойтахти Доҳада Яман терма жамоаси меҳмони бўлади. Ўйин Тошкент вақти билан 20:30 да бошланиши кўзда тутилган.
«Ўзбекистон сўнгги вақтларда жуда яхши натижалар қайд этиб келаётган кучли жамоа. Аммо биз ҳам ўз ўйинимизни яхшилаб боряпмиз. Сўнгги турда Филиппин устидан қозонилган ғалаба ҳам бу гапларнинг исботи. Биз кўтаринкиликдан тўғри фойдаланишга ҳаракат қиламиз. Бироқ, тушуниб турибмизки, эртага бизга қийин бўлади», — деди ас-Сунайний.
«Ямандаги вазиятни яхши биласиз. Шунга қарамай, эътиборимизни имкон қадар ўйинга қаратишга уриняпмиз. Кечроқ бўлса-да, илк ғалабага эришдик. Олдинда Ўзбекистон ва Бахрайнга қарши муҳим ўйинлар кутиб турибди. Қолган учрашувларда яхши ўйин кўрсатиб, яхшироқ натижа қайд этишга интиламиз», — деди яманликлар устози.
«Ўзбекистон терма жамоасида қайсидир футболчини алоҳида кўрсатмаган бўлардим. Чунки Ўзбекистон биринчи навбатда тартибли жамоавий ўйинга эга бўлган терма жамоадир. Биз эртанги ўйинда қайсидир футболчига кўпроқ эътибор қаратмаймиз», — дея қўшимча қилди Яман терма жамоаси устози Амин ас-Сунайний.
Изоҳ (0)