Футбол бўйича Россия Премер-лигасининг 14-туридан ўрин олган барча учрашувлар Мисрда қулаган Airbus 321 лайнери қурбонлари хотираси учун бир дақиқалик сукут билан бошланади. Бу ҳақда, лига ижрочи директори Сергей Чебанга асосланиб, «Р-Спорт» хабар бермоқда.
«Футбол бўйича Россия чемпионати 14-турининг барча учрашувлари бир дақиқалик сукут сақлаш билан бошланади. Бу жуда аянчли фожиа. Болалар, катталар... Тил ожиз», — деди Чебан.
Тур 31 октябрь, шанба куни Тошкент вақти билан 16:30 да Химкида, ЦСКА ва «Уфа» жамоалари ўртасидаги учрашув билан бошланади, 2 ноябрь, душанба куни Ростовда бўладиган «Ростов» — «Динамо» баҳси билан якунига етади.
Эслатиб ўтамиз, Airbus 321 лайнери 31 октябрь, шанба куни Тошкент вақти билан 8:51 да Шарм-аш-Шайхдан Санкт-Петербург томон ҳавога кўтарилган ва орадан 23 дақиқа ўтиб Мисрнинг Эл-Ариш шаҳри яқинида қулаган. Лайнер бортида 224 киши бўлган, ҳодиса натижасида омон қолганлар бўлиши мумкинлиги айтилмоқда.
Изоҳ (0)