Европарламент раиси Мартин Шульц Саудия Арабистони қиролини блогер Раиф Бадавийни афв этиш ва унга топшириладиган Сахаров мукофотини олиши учун уни Брюсселга қўйиб юборишга чақирди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар беради.
Европарламент 29 октябрь, пайшанба куни уни фикр эркинлиги учун тақдим этиладиган 2015 йилги Сахаров мукофотига лойиқ деб топди. Саралаш босқичининг финалида Бадавий февраль ойида Москвада ўлдириб кетилган россиялик сиёсатчи Борис Немцов ва венесуэлалик мухолифатчилар гуруҳини ортда қолдирди.
«Бадавий билан боғлиқ вазиятда инсон ҳуқуқларига нафақат риоя этилмаган, балки улар топталгандир. Мен бугун қиролни жазонинг ижросини тўхтатиш ва Бадавийни озод этишга, ҳамда мукофотни олиш учун декабрдаги сессияга келиш учун рухсат беришга чақираман», — деди Шульц.
«Саудия Арабистонининг либерал тармоғи» интернет сайтининг асосчиси Бадавий 2012 йилда ҳибсга олинган эди. Дин вакиллари ва қиролликнинг диний полициясини танқид қилиш, исломни камситиш, кибержиноят ва отасига бўйсунмасликда айбдор деб топилган блогер ўн йиллик қамоқ жазосини ўтамоқда.
Изоҳ (0)