АҚШ ҳарбий саноат комплексидаги бир қатор компанияларнинг собиқ ходими жосуслик қилгани учун саккиз йилу бир ойлик қамоқ ва 50 минг доллар миқдоридаги жарима жазоларига ҳукм қилинди. Ушбу қарор Хартфорд шаҳри (Коннектикут штати) суди томонидан эълон қилинди, деб хабар беради «ТАСС».
61 ёшли Музаффар Хазаий саноат сирларига оид 1,5 мингта ҳужжат ва мудофаа технологияларига доир яна 600 та ҳужжатни Эроннинг бир қатор илмий-тадқиқот муассасалари ихтиёрига етказишга уринишда айбланмоқда. Сўз, жумладан, АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари учун мўлжалланган F-35 ва F-22 Raptor қирувчи самолётлари реактив двигателлари ишланмаси ҳақида бормоқда.
Суд унинг ҳукмни енгиллаштириш ҳақидаги илтимосномасини рад этди.
У Эронда туғилиб, ўсган. Кейинроқ АҚШга кўчиб келиб, Оклахома штатидаги университетда таълим олган. Америка фуқаролигини олган, Нью-Мексико штатидаги университетда илмий даражани қўлга киритган. Прокуратура маълумотларига кўра, 2013 йилнинг ноябрида Америка божхонаси Хазаий Эронга юбораётган юкларда махфий ҳужжатларни топган. 2014 йилнинг январида у Ньюарк шаҳридаги Либерти аэропортида ҳибсга олинган.
Изоҳ (0)