Англия шарқида АҚШнинг F-18 Hornet қирувчи самолёти қулаши натижасида учувчи ҳалок бўлди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
Дастлабки маълумотларга кўра, бир ўринли қирувчи самолёт Суффолк графлигидаги Лейкенхес ҳарбий базасидан ҳавога кўтарилган. Парвознинг дастлабки дақиқаларидаёқ бошқарув издан чиқиб, самолёт ҳарбий базадан 10 километр масофада жойлашган Эли қишлоғидаги фермага қулаган.
Ҳодиса натижасида учувчининг ҳалок бўлганини Суффолк билан чегарадош Кембрижшир графлиги полицияси тасдиқлаган. Самолёт айнан шу графлик ҳудудига қулаган.
BBC News хабарига кўра, самолёт АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари таркибига кирувчи АҚШ денгиз пиёдасининг авиагуруҳи таркибида Буюк Британияга келган. Самолётлар АҚШнинг Яқин Шарқдаги миссиясида қатнашган ва АҚШга қайтиш вақтида Англиядаги авиабазада тўхтаган. База Буюк Британия ҳарбий-ҳаво кучларига тегишли, бироқ унда Америка самолётлари ва ҳарбийлари жойлашган.
2014 йилнинг январь ойида Суффолк графлиги билан чегарадош Норфолк графлигида АҚШ ҳарбий вертолётининг қулаши оқибатида тўрт киши ҳалок бўлганди.
Изоҳ (0)