14 октябрь куни Facebook’даги «Признавайся, Узбекистан» саҳифасида Тошкент вилоятидаги Қибрай посёлкаси осмонида номаълум учар жисм кўрингани бутун посёлка қўрқувдан даҳшатга тушгани ҳақида хабар қолдирилди. Хабарга илова қилинган суратда булутлар орасидаги номаълум объектни кўриш мумкин.
Пост остида изоҳ қолдирганлар расмга турлича муносабатда бўлди. Кимлардир бу сурат ҳақиқий эканлигига ишонган бўлса, бошқалар бунга ҳазил билан ёндашди.
Фойдаланувчилардан бири суратга «Абдуллажоннинг қайтиши», деб изоҳ берди ва «Абдуллажон, ёки Стивен Спилбергга бағишланади» фильмига ишора қилди. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари бу смартфонларнинг расмларни таҳрирлашга мўлжалланган дастуридаги янги эффект эканлигини, шу каби сурат бир кун олдин Қозоғистон ОАВларида тарқалганини таъкидлаб ўтди.
«Учар ликопча»нинг бошқа ердан олинган сурати ҳам изоҳ қолдирганлардан бири томонидан жойланди. Янги суратни фойдаланувчилар «Буниси энди қаерда олинган? Чирчиқдами ёки Чилонзорда?», деб қарши олди.
Юқоридаги икки суратни солиштирган киши НУЖнинг кўриниши айнан бир хил эканлиги, суратлар расмларни таҳрирловчи дастурда тайёрланганини пайқаши мушкул эмас.
Изоҳ (0)