Мадриднинг «Реал» футбол клуби ҳужумчиси Криштиану Роналду подиумга чиқиб, ўзига тегишли CR7 брендининг янги коллекцияси буюмларини намойиш этди. The Hypebeast нашри хабарига кўра, тақдимот Португалиянинг Гимарайнш шаҳрида бўлиб ўтган.
«Аввалига бироз асабийлашдим. Бу мен учун янгилик бўлди, бироқ барибир мазза қилдим», — деди футболчи. Роналдунинг қўшимча қилишича, янги коллекция тақдимотини ўз ватанида ўтказиш унинг учун катта шараф.
Тақдимот давомида янги поябзал моделлари намойиш этилди. CR7 бренди остида, шунингдек, ички кийим ва кўйлаклар ишлаб чиқарилади, 2015 йил ёзида эса Роналду тез орада атирларни ишлаб чиқаришни режалаштираётганини маълум қилганди.
2014 йили Goal.com портали Роналдуни жаҳоннинг энг бадавлат футболчиси сифатида тан олганди. Таҳлилчилар унинг бойлигини 210 миллион еврога баҳолаган. Португалиялик спортчи «Реал» билан тузилган шартнома ҳамда Toyota, Nike, Herbalife, Emirates, Castrol, Samsung ва бошқа брендлар билан йўлга ҳамкорлик ортидан шунча пул ишлаб топган.
Изоҳ (0)