Саудиянинг Макка шаҳрида 11 сентябрь куни, минора кранининг ал-Ҳарам масжидига қулаши натижасида юз берган фожиа қурбонларига товон пули тўлаш бўйича махсус қўмиталар бир марталик пул тўловларини қабул қиладиган шахслар ҳақидаги ахборотни тўплашга киришди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
Макка соғлиқни сақлаш департаменти раҳбари Мустафо Балжуннинг сўзларига кўра, қўмиталар «ҳодиса натижасида ҳалок бўлган ёки яраланган ҳар бир шахс ҳақидаги ахборотни — исми, қайси мамлакатдан келгани, паспорт маълумотлари, шифохонага олиб келинган, шифохонадан чиқарилган ёки вафот этган вақтини тўплаши керак».
11 сентябрь куни Макка шаҳрида рўй берган фожиа оқибатида, расмий маълумотларга кўра, 111 киши ҳалок бўлган ва 230 дан ортиқ одам тан жароҳати олган. Саудия Арабистони қироли ҳар бир қурбоннинг оиласига, шунингдек, фожиа оқибатида ногирон бўлиб қолганларга 1 миллион риал (266 минг доллардан зиёд) миқдорида бир марталик товон пули тўлаш ҳақида кўрсатма берган.
Минора крани қулаши оқибатида яраланганлар 500 минг риал (қарийб 133 минг доллар) миқдорида товон пули олади. Бундан ташқари, ҳар бир жабрланувчининг икки нафардан оила аъзоси келаси йили Ҳаж мавсумида қиролнинг шахсий меҳмони сифатида Саудия Арабистонига келиши мумкин.
Изоҳ (0)