38 ёшли австралиялик аёл ажрашгандан сўнг қариялар уйига кўчиб ўтишга қарор қилди. Бу унинг ҳаётидаги энг яхши қарор бўлди.

Аёл муносабатлар узилганидан кейин узоқ вақт давомида ҳаётини янгидан бошлашга куч топа олмади. Аввалига у квартирани тарк этди, бироқ икки ойдан сўнг ижарада яшаш жуда қимматга тушаётганини англаб етди. Кейинчалик у қариндоши — аммасини кўргани, фақат қариялар яшайдиган қишлоққа йўл олди. Аёлнинг аммаси унинг гапларини тинглаб, ноодатий ечимни таклиф қилди — айнан ўз қишлоғига кўчиб ўтишини. Аммаси аёлнинг ёши муаммо бўлмаслигига ишонтирди, шунинг учун улар бирга аризани тўлдириб, топширишди.
Ҳозирда бу австралиялик аёл аллақачон бир йилдан ошиқ вақт мобайнида қариялар яшайдиган қишлоқ аҳолиси қаторида. Унинг айтишича, бу қарор унинг бюджети учун энг мақбул бўлиб чиққан, чунки бу ерда кичик икки хонали квартира нархи Мелбурн чеккасидагига қараганда беш баравар арзон.
Бундан ташқари, аёл бу қишлоқдаги ҳаётни ўзига хос терапия деб атади, чунки у атрофидаги сокинлик ва дўстона одамлар орасида яшашдан завқланмоқда.
Мен ҳеч қачон ўз ўрнимни топгандек ҳис қилмагандим, лекин ҳаётни шошилмай яшайдиган, технологияга берилмаган одамлар орасида ўтказиш — бу менинг руҳий саломатлигим учун ажойиб. Бу менинг бошпанамга айланди, дейди у.
Қишлоқда унинг одатий куни шундай ўтади: тонгда сайрга чиқади, сўнг ёга машғулотларига қатнашади, велосипедда юради, бинго ўйнайди ва вақти-вақти билан фрилансерлик ишларини бажаради. Кечқурун эса у яқин атрофдаги дўконга ёки тамаддихонага боради, пишириқ тайёрлайди ёки айвонда ўтириб, узоқ суҳбатлар қуради.
Мен бу ерда чексиз хотиржамликни топдим, бу эса мукаммал ҳаёт дегани. 70–80 ёшларга кириш аслида унчалик ёмон эмас экан. Атрофимдаги инсонлардан билиб олдимки, исталган ёшда сиз ҳали ҳам фаол бўлишингиз, кўнгилли бўлиб ишлашингиз, янги дўстлар орттиришингиз ва янги севимли машғулотларни бошлашингиз мумкин, дейди у.
Шунга қарамай, унинг оиласи ҳали ҳам бу қарорини қабул қила олгани йўқ. Ота-онаси уни фикридан қайтаришга ва қариялар уйидан кўчиб чиқишга ундамоқда, бироқ 38 ёшли аёл янги ҳаёт тарзини қабул қилган ва яқин орада бу жойни тарк этишни режалаштирмаяпти.
Изоҳ (0)