Гватемалада 7 октябрь, чоршанба куни мамлакатнинг ғарбида жойлашган Фуэго вулқони отила бошлади. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
Гватемала сейсмология, вулканология, метеорология ва гидрология миллий институтининг маълум қилишича, вулқондан отилган кул денгиз сатҳидан 4,8 километр баландликкача кўтарилган. Вулқон оғзидан жанубий қисмига қараб 1, шимоли-ғарбий қисмига қараб эса 0,7 километр масофагача лава оқиб борган.
Ҳукуматнинг маълум қилишича, вулқон ёнида жойлашган аҳоли яшаш пунктларидан одамларни кўчиришга ҳожат йўқ. Бироқ шунга қарамай мамлакат табиий офатларнинг олдини олиш хатти-ҳаракатларини мувофиқлаш хизмати ҳудудда хавфнинг «сариқ» даражасини эълон қилди. Гватемала фуқаролик авиациясига хавфсизлик чораларини кўриш ва парвоз вақтида вазиятни ҳисобга олиш тавсия этилди.
Изоҳ (0)