Буюк Британия пойтахти Лондонда 2012 йилдан бери Orzu Arts номли ўзбек театри фаолият олиб бормоқда. Унга, VOT хабарига кўра, театр асосчиси, асли водийлик Йўлдош Жўрабоев раҳбарлик қилмоқда.
Йўлдош Жўрабоевнинг маълум қилишича, ҳозирги вақтда театрда тўққиз киши меҳнат қилаётган бўлиб, «бу ҳақиқий халқаро лойиҳага айланган». Масалан, театр продюсери Жозеф Сандерс — инглиз, ассистент Нозгул — Қирғизистондан, мусиқачи Суфён эса марокашлик, бастакор Азиза Ўзбекистон вакиласи, лекин Германияда яшайди, театрнинг сўнгги режиссёри эса Америкадан ташриф буюрган.
Театр ижодкорлари ҳозирги вақтга қадар Марказий Осиё афсоналари асосида «Дарвеш», Алишер Навоий, Фаридуддин Аттор ва Гёте асарлари асосида «Ошиқ Мажнун», Эркин Хушвақтовнинг «Чимилдиқ», Хоразм афсоналари асосида «Лазги» ҳамда қозоғистонлик драматург Д.Исабековнинг «Транзит йўловчи» спектаклларини саҳнага олиб чиқди.
Бундан ташқари, Orzu Arts театри Греция, Германия, Швеция, Шотландия, Қозоғистон ва бошқа мамлакатлардаги халқаро фестивалларда қатнашди, 2015 йил баҳорида эса гастроль сафари билан Ўзбекистонга келди. Театр спектакллари, табиийки, инглиз тилида қўйилади, бироқ баъзан, масалан, «Дарвеш» спектакли билан бўлган ҳолатда, ўзбек тили билан бирга олиб борилади.
«Жаҳондаги энг катта театр шаҳри ҳисобланган Лондонда бизники каби экзотик театрга, албатта, ўзига хос қизиқиш бор. Бироқ томошалар вақтида бўш ўринлар борлигини сезамиз. Бахтимизга, биз доимий томошабинларимизни топиб улгурдик, улар орасида британияликлар ҳам, жонажон Ўзбекистонимиздан келган ватандошларимиз ҳам бор», — дейди Йўлдош Жўрабоев.
Қўшимча сифатида, Orzu Arts’нинг театр томошаларига кириш пуллик — театрдаги жойга қараб, томошабин чипта учун 8—15 фунт миқдорида пул тўлаши керак.
Изоҳ (0)