Украина президенти Пётр Порошенко БМТ Бош Ассамблеяси 70-сессиясида иштирок этиш мақсадида АҚШга амалга оширган ишчи ташрифи давомида Нью-Йорк кўчалари бўйлаб пиёда ҳаракатланишга мажбур бўлмоқда. Бу ҳақда, «Корреспондент.net» хабарига кўра, Порошенконинг матбуот котиби Святослав Цеголко маълум қилган.
Президент матбуот котибининг Twitter’даги саҳифасида ёзишича, бунга Нью-Йорк кўчаларидаги катта тирбандликлар сабаб бўлган. «Нью-Йоркдаги тирбандликлар сабаб баъзан ўз манзилингга пиёда юриб, тезроқ етасан», — деб ёзади Цеголко.
Матбуот котиби илова қилган суратда Порошенко БМТ Бош Ассамблеясидаги Украина делегацияси аъзолари, хусусан, Украинанинг АҚШдаги элчиси Валерий Чалий билан пиёдалар ўтиш жойидан йўлни кесиб ўтаётганини кўриш мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Порошенко БМТ Бош Ассамблеяси 70-сессияси доирасидаги тадбирларда иштирок этиш учун айни вақтда АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида бўлиб турибди.
Изоҳ (0)