Саудия Арабистони ҳукумати жорий йилда ҳаж сафаридан кейин мамлакатни тарк этувчи ҳожиларга 2 миллионта Қуръон нусхасини улашади. Бу ҳақда Саудия Арабистонининг ислом ишлари бўйича вазирлиги маълум қилди, деб хабар беради Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати.
«Вазирлик бу йили 2 миллионга яқин Қуръони Каримнинг нусхасини тарқатади», — деб айтди эсдалик совғаларини бериш қўмитаси раҳбари шайх Талол ибн Аҳмад ал-Оқил. Унинг айтишича, Қуръон нусхалари Жидда яқинидаги қирол Абдулазиз номидаги халқаро аэропортда, шаҳарнинг денгиз бандаргоҳида ҳамда мамлакатнинг бир қатор туманларида қуруқликдаги чегарадан ўтиш жойларида тарқатилади.
Умумий ҳисобда қироллик ҳудудида совғалар бериладиган 50 та пункт ташкил этилган. Бу ишни мингдан кўпроқ одам амалга оширади. Уларнинг вазифаси мамлакатни тарк этаётган бирорта ҳам ҳожи совғасиз қолмаслигини кузатишдан иборат бўлади.
Саудия Арабистонининг ислом ишлари бўйича вазирлигининг маълум қилишича, Қуръон 13 тилга, жумладан русчага таржима қилинади. Матнларга изоҳлар берилади.
Изоҳ (0)