Facebook’нинг махсус хизматлардан тушган сўровга асосан фойдаланувчилар ҳақидаги ахборотни АҚШ маъмуриятига топшириши билан боғлиқ ҳаракатлари Европа қонунчилигига зиддир. Бундай хулосага, РБК хабарига кўра, Европа суди бош адвокати келган.
Баёнотда қайд этилишича, юристнинг хулосаси якуний қарор кучига эга эмас. Суд мазкур даъвони йил охирига қадар кўриб чиқиши керак. BBC News’нинг қайд этишича, бундай ҳолатларда судьялар кўпинча бош адвокатнинг фикрини ҳисобга олади. Австрия фуқароси Макс Шремснинг даъвоси бўйича 15 судья қарор қабул қилиши керак.
Ҳуқуқшуноснинг фикрича, ижтимоий тармоқнинг бу ҳаракатлари Евроиттифоқнинг, агар мазкур маълумотларнинг хавфсизлиги таъминланишига кафолат бўлмаса, фуқароларнинг шахсий маълумотларини учинчи мамлакатга беришни тақиқловчи талабларига зид. Шремснинг таъкидлашича, юристнинг қарори йирик IT-компаниялар учун қимматга тушиши мумкин.
«АҚШнинг оммавий кузатувида қатнашаётган ва Европа Иттифоқида, масалан, булутли сервислар хизматини кўрсатаётган компанияларнинг маълумот марказлари АҚШда жойлашган. Энди улар бундай марказларни Европада қуриш учун сармоя киритишни бошлашини инкор этиб бўлмайди. Бу Apple, Facebook, Google, Microsoft ва Yahoo учун жиддий муаммо бўлиши мумкин», — деб ҳисоблайди Шремс.
Изоҳ (0)