Ўзбекистоннинг биринчи рақамли теннисчиси Денис Истомин Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида давом этаётган мукофот жамғармаси 1 миллион 30 минг долларни ташкил қилувчи турнирнинг яккалик баҳсларидаги иштирокини ҳам ғалаба билан бошлади, деб хабар беради «Оламспорт».
Истомин 23 сентябрь куни кечган учрашувда қозоғистонлик Михаил Кукушкинни мағлубиятга учратди. Илк сет ғолиби тай-брекда аниқланди. Унда Истомин зафар қучди. Денис иккинчи сетни 2:6 ҳисобида бой берди. Лекин ҳал қилувчи учинчи сетда Денис айнан 6:2 ҳисоби билан рақибини доғда қолдирди.
Турнирда 8-рақам остида таснифланган Кукушкинни 7:6, 2:6, 6:2 ҳисобида мағлуб этган Истоминнинг иккинчи даврадаги рақиби германиялик Бенжамин Беккер бўлади.
Кукушкин дунё рейтингида 48-поғонадан жой олган бўлса, Денис Истомин 62-ўринни эгаллаб турибди.
Эслатиб ўтамиз, Истомин Санкт-Петербургдаги турнирнинг жуфтликлар мусобақаси илк даврасида ғалаба қозонган эди.
Изоҳ (0)