Россияда ишловчи жарроҳ Паоло Маккиарини одам бошини кўчириб ўтказиш бўйича операцияни нима учун амалга ошириб бўлмаслиги ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди. Бу ҳақда «Газета.ru» хабар бермоқда.
Аввалроқ Италияда истиқомат қилувчи бир жарроҳ бошни кўчириб ўтказиш бўйича жарроҳлик амалиётини амалга оширишни режалаштираётганини маълум қилганди.
«Бундай операцияни қандай қилиб тасаввур қилиш мумкин ахир? Шахсан менинг фикримча, у жиноятчи. Биринчидан, бунинг учун ҳеч қандай илмий асос йўқ. Иккинчидан, бу трансгуманизм оламига мансуб ҳодиса... Қандай қилиб бир одамнинг мияси бошқа бир танага қўшилиши билан ўз-ўзидан ишлаб кетиши мумкин?», — деди Маккиарини.
«У ҳатто орқа мия ва асаб тизими ўртасидаги узилган қисмларни боғлашни ўрганиб олган деб тасаввур қилинганида ҳам, нима учун унинг бу услуби, масалан, фалаж бўлиб қолган беморларга нисбатан қўлланилмаяпти?», — дея савол билан мурожаат қилди Россияда меҳнат қилаётган жарроҳ.
«Мен бу операция ҳақида биринчи марта Германиядалигимда эшитгандим, аниқроғи, бу ҳақда сариқ матбуотда ўқигандим. Газетада унинг сурати бор эди, у табассум қилиб турарди: ‘Буни қиламан, бундай қиламан ва кейин ундай қиламан’, деб айтганди», — деди Маккиарини.
«Кейинроқ бир россиялик унинг бу операциясида кўнгилли равишда иштирок этмоқчи эканлигини эшитдик. Ўшанда: ‘Бу одам ё аҳмоқ, ёки бутун хавф-хатарни ҳис қилмаяпти’, деб ўйладим. Бу операцияга рухсат бермаслик керак, деб ҳисоблайман. Бу ахлоқ жиҳатдан ҳам номақбулдир. 100 йилдан кейин шундай операциялар қилиш мумкиндир, бироқ ҳозир — бунинг турган-битгани сафсата», — дея қўшимча қилди Маккиарини.
Изоҳ (0)