Apple компанияси асосчиларидан бири Стив Возняк компания асосчиси — Стив Жобс 1985 йили янги бош директор Жон Скалли билан келиша олмагани сабаб, Apple’дан ҳайдалгани ҳақидаги гап-сўзларни рад этиб чиқди. Бу ҳақда «3dnews.ru» хабар бермоқда.
«Стив Жобсни компаниядан сиқиб чиқаришмаганди. У ўзи кетган. Macintosh’нинг муваффақиятсизлигидан сўнг, Жобс мақсадга ета олмагани сабаб оёқости бўлган буюклик ҳисси ва руҳий мувозанатни йўқотиши сабаб компанияни тарк этганини тахмин қилиш адолатдан бўлади», — деб ёзди Стив Возняк Facebook’даги саҳифасида.
Вознякнинг бу сўзлари келаси ойдан экранларга чиқадиган, Аарон Соркин сцеранийси асосида режиссёр Денни Бойл томонидан суратга олинган «Стив Жобс» фильми атрофидаги муҳокамалар айни қизиган паллада пайдо бўлди.
Возняк мазкур фильмда маслаҳатчи сифатида қатнашган бўлиб, уни Жобс ва Apple ҳақида 1999 йилдан бери (ўшанда Мартин Бёрк «Кремний водийси қароқчилари» картинасини ишлаган эди) суратга олинган энг яхши фильм деб мақтади.
Қайд этиш жоиз, Жобснинг Apple’дан ҳайдалгани ҳақидаги омма фикри ўзидан ўзи пайдо бўлмаган. Стив Жобснинг ўзи 2005 йили Стенфорд университети битирувчилари олдида чиқиш қиларкан, Apple’нинг энг яхши ижод намунаси — Macintosh ишлаб чиқилганидан бир йил ўтиб, компаниядан ҳайдалгани ҳақида гапириб берганди.
Изоҳ (0)